САМАРҚАНД ВИЛОЯТ АРХИВ ИШИ
ҲУДУДИЙ БОШҚАРМАСИ
w w w . s a m x t b . u z

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси олий давлат вакиллик органи бўлиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси икки палатадан – Қонунчилик палатаси (қуйи палата) ва Сенатдан (юқори палата) иборат.

Қонунчилик палатаси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати ваколат муддати – беш йил. 
Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қуйи палатасидир.

Қонунчилик палатаси сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида сайланадиган бир юз эллик депутатдан иборат.

Қонунчилик палатасининг иши палата барча депутатларининг профессионал, доимий фаолият кўрсатишига асосланади.

Сенат

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати (юқори палатаси) ҳудудий вакиллик палатасидир.

Сенат аъзолари (сенаторлар) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда – олти кишидан сайланади.

Сенатнинг ўн олти нафар аъзоси фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади.

Сенат иши ялпи мажлисларга (бундан буён матнда мажлислар деб юритилади) ва унинг қўмиталари мажлисларига тўпланадиган сенаторлар фаолиятига асосланади.

Сенатда ҳудудий мансубликка кўра ҳамда сиёсий ёки бошқа асосда гуруҳлар тузишга йўл қўйилмайди.


Охирги ўзгариш вақти: 22/11/2017 13:29;   Кўрилганлиги: 5591
 
Материал манзили: https://samarchive.uz/reference/parliament
Чоп этилган вақт: 21/11/2024 11:46