САМАРҚАНД ВИЛОЯТ АРХИВ ИШИ
ҲУДУДИЙ БОШҚАРМАСИ
w w w . s a m x t b . u z
“ЎЗАРХИВ” АГЕНТЛИГИ ДИРЕКТОРИ УЛУҒБЕК МИРТОЛИБОВИЧ ЮСУПОВНИНГ САМАРҚАНД ВИЛОЯТ ДАВЛАТ АРХИВИ ТАШКИЛ ТОПИШИНИНГ 100 ЙИЛЛИГИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАБРИГИ
Архивлар – давлатнинг тарихини ўзида мужассам этган ҳужжатли асосга таянган йирик ахборот анбаидир, шу сабаб “Архивлар –тарих кўзгуси” дея эътироф этилади. Тарихимизни ўрганмай, билмай туриб, янгичасига яшашни, ҳаёт тарзимизни ўзгартиришимизни, замонга, буюк аждодларимизга мос авлодни тарбиялашимизни амалга ошириш қийин бўлади. Шунинг учун ҳам Архивларга эътибор йилдан йилга ортиб бормоқда. Давлатимиз томонидан архивларга азалдан, ҳар бир даврда ўзига яраша, имконият доирасида ғамхўрлик қилиб келинган. Махсус бинолар ажратилган, иш шароити яратиб берилган. Архив ҳужжатларини асраш, келгуси авлодларга етказиш бўйича жуда кўп ишлар қилинган. Айниқса сўнгги йилларда эътибор жуда ўзгарди. Архивларга янги бинолар қуриб берилмоқда, мутахассислар билан мустаҳкамланиб бормоқда. Архивларда ҳужжатларни сақлашни, фойдаланишни янги усуллари, жумладан рақамли технологияларни қўллаш учун амалий ишлар қилинмоқда. Жумладан, Самарқанд вилоятида ўтган давр мобайнида архив иши ва иш юритиш соҳасида зарур инфратузилма яратилди, архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишда ижобий натижаларга эришилди ҳамда муайян интеллектуал ва технологик салоҳият шакллантирилди, Миллий архив фонди Ўзбекистон халқининг моддий ва маънавий ҳаётини акс эттирган, тарихий, илмий ва маданий аҳамиятга эга бўлган архив ҳужжатлар билан бойитилди. Самарқанд вилоят давлат архиви 1921 йил апрель ойида ташкил этилган бўлиб жорий йилнинг апрель ойида ташкил этилганлигига 100 йил тўлди. Ушбу қутлуғ сана барчамизга муборак бўлсин! Бугунги кунда вилоят давлат архивида Ўзбекистон халқининг моддий ва маънавий ҳаётини акс эттирган, тарихий, илмий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маданий аҳамиятга эга бўлган архив ҳужжатларини сифатли сақловини таъминлашда Самарқандлик фидойи архивчиларнинг ҳиссаси катта албатта. Шу давргача вилоят давлат архивида 13 та раҳбар фаолият кўрсатган ва улардан бири “Соҳа ифтихори” Абдували Маманазаров буган вилоят архив иши ҳудудий бошқармаси бошлиғи сифатида соҳага хизмат қилишни давом эттирмоқда. Азиз ҳамкасблар! Биз ўз олдимизга халқимизни ҳар томонлама рози қилишдек, фуқаролар, жамият ва давлат учун аҳамияти боис сақланиши лозим бўлган архив ҳужжатларини келажак учун асрашдек улуғ вазифани қўйган эканмиз, бу мақсадга эришиш йўлида архив иши ва иш юритиш тизимини жадал ривожлантиришга аҳамият қаратмоғимиз зарур. Ва бу ишларни биз аввало Сиз ҳамкасбларимиз билан елкама-елка амалга оширамиз. Бугунги тарихий санада Сиз азиз ҳамкасбларимиз билан бир сафда меҳнат қилаётганлигимиздан фахрланамиз албатта. Сизларни Самарқанд вилоят давлат архиви ташкил топишининг қутлуғ 100 йиллиги муносабати билан яна бир бор самимий муборакбод этиб, барчангизга бахт-саодат, хонадонларингизга файзу барака тилайман. Ҳамиша соғ-омон бўлинг, азиз ҳамкасблар!
Охирги ўзгариш вақти: 21/04/2021 07:31;
Кўрилганлиги: 904
Материал манзили: https://samarchive.uz/press/news/ozarxiv-agentligi-direktori-ulugbek-mirtolibovich-yusupovning-samarqand-viloyat-davlat-arxivi-tashkil-topishining-100-yilligi-munosabati-bilan-tabrigi
Чоп этилган вақт: 03/12/2024 08:14