САМАРҚАНД ВИЛОЯТ АРХИВ ИШИ
ҲУДУДИЙ БОШҚАРМАСИ
w w w . s a m x t b . u z

 

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Облоқул Ўрозбоевич Узоқов

Облоқул Ўрозбоевич Узоқов 1922 йили Самарқанд вилояти Ургут туманидаги Қоратепа қишлоғида туғилган. Уруш бошланганда 19 ёшли Облоқул Самарқанддаги Ўзбекистон давлат университетининг 3-курсини тамомлаб, тўртинчи курсга ўтган эди. 1941 йили у армия сафига чақирилади. 1943 йил августидан бошлаб эса ҳаракатдаги жанговар армия таркибида хизмат қилади. 1940 йили партия аъзолигига қабул қилинган эди. Саводли, ёш жангчиларга маънавий мафкуравий устоз даражасидаги ёш Облоқул Узоқов 62-гвардия кавалерия полкининг 1-эскадрони командири бўлди. У 61-армия 7-гвардиячи кавалерия корпусининг 16-гвардиячи кавалерия дивизияси сафида Марказий фронтда жанг қилади. Гвардия сержанти Облоқул Узоқов Чернигов ерида Днепр дарёсидан ўтишда жасорат кўрсатади. 1943 йил 19 сентябрь куни Украинанинг Чернигов вилоятидаги Клочков қишлоғи учун бўлган жангда немисларнинг автоматчилари Облоқул Узоқов бошлиқ 1-эскадрон жангчилари ҳаракатини тўхтатиб қўяди. Шу қишлоқдаги “1 Май” совхози учун бўлган бу жангда жасур жангчи Облоқул Узоқов фашистлар тинмай отаётган пулемётга орқа томондан яшириниб келиб, бир нечта граната отади. Жангчиларимизни қириб турган душман пулемётининг “овози ўчирилади”. Шу куннинг ўзида Черниш қишлоғидаги кўча жангларида кавалерист жангчи яна бир жасорат кўрсатади. У бостириб келаётган немис аскарларини яқин келишга йўл қўйиб, кейин бир йўла  35 нафар фашист автоматчисини ер тишлатади.

Жасорат кетидан жасорат намуналари давом этар эди. 1943 йил 28 сентябрь куни кечаси сержант Облоқул Узоқов Днепр дарёсидан ўтиб, 1-эскадрон жангчиларини дарёдан ўтишга йўл қўймаётган душман пулемётини “тинчитади”.  СССР Олий Совети Президиумининг 1944 йил 15 январдаги фармони билан фашист босқинчиларига қарши курашда жанговар топшириқларни намунали бажарганлиги, кўрсатган жасорати ва қаҳрамонлиги учун гвардия сержанти Облоқул Ўрозбоевич Узоқов Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони, Ленин ордени ва “Олтин юлдуз” медали билан тақдирланади. Урушдан кейин Облоқул Узоқов колхоз раиси лавозимида, партия-хўжалик ишларида хизмат қилди. Фарғона вилояти Данғара посёлкасидаги кўчалардан бирига Совет Иттифоқи Қаҳрамони Облоқул Узоқов номи берилган. Қаҳрамонимиз узоқ умр кўрмади, у 1955 йил 26 июлда 33 ёшида вафот этди. Қоратепа қишлоғида дафн этилга


манба: Самарқанд вилояти архив иши ҳудудий бошқармаси ахборот хизмати 

Самарқанд вилоят архив иши ҳудудий бошқармаси расмий канали https://t.me/sam_archive



Киритилган вақти: 27/04/2021 15:09;   Кўрилганлиги: 1005
 
Материал манзили: https://samarchive.uz/press/news/ikkinchi-jahon-urushi-qatnashchisi-obloqul-orozboevich-uzoqov
Чоп этилган вақт: 21/12/2024 19:06