САМАРҚАНД ВИЛОЯТ АРХИВ ИШИ
ҲУДУДИЙ БОШҚАРМАСИ
w w w . s a m x t b . u z

 

НИЗОМ

САМАРҚАНД ВИЛОЯТ АРХИВ ИШИ ҲУДУДИЙ БОШҚАРМАСИ ТЎҒРИСИДА НИЗОМ

  1. I. Умумий қоидалар

1.Самарқанд вилоят архив иши  худудий бошқармаси (кейинги ўринларда «бошқарма» деб юритилади) архив иши бўйича давлат бошқарувининг Самарқанд вилоятидаги махсус ваколатли органи ҳисобланади. У ўз иш фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлигига ва Самарқанд вилоят ҳокимлигига бўйсунади ҳамда иш юзасидан уларга ҳисобот беради.

2.Вилоят архив иши худудий бошқармасининг бошқарув тизимига вилоят, шаҳар ва туман давлат ҳамда нодавлат архивлари  киради.

Вилоят, шаҳар ва туман  давлат архивлари ўз фаолиятида улар жойлашган вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларига ва шунингдек вилоят архив иши худудий  бошқармасига бўйсунади.

3.Бошқарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси  қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари,ва бошқа қонун ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Самарқанд вилояти ҳокимининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлигининг низомлари, йўриқномалари, қоидалари, буйруқлари, қўлланмалари ва кўрсатмаларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.

  1. Бошқармаўзига юклатилган вазифаларни бевосита, шунингдек унга бўйсунувчи,ўз фаолиятини бошқарма  тасдиқлаган Низомлар ва қоидалар асосида олиб борувчи вилоят, шаҳар ва туман давлат архивлари   орқали ҳал қилади.
  2. II. Бошқарманинг асосий вазифалари ва функциялари
  3. Қуйидагилар бошқарманинг асосий вазифалари ҳисобланади:

вилоят ҳудудида архив иши ва иш юритиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

ташкилот, корхона, хўжалик субъектлари, шу жумладан фермер хўжаликлари (кейинги ўринларда «ташкилот» деб юритилади)да архив иши ва иш юритиш бўйича қонуний ва меъёрий  ҳужжатларга риоя этилиши, уларнинг бажарилиши устидан таъсирчан назоратни таъминлаш;

давлат архивларида  Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларини жамлаш, шакллантириш, сақловини таъминлаш, давлат ҳисобини олиб бориш ва улардан кенгроқ фойдаланиш;

давлат архивларида архившунослик, ҳужжатшунослик ва археография соҳаси бўйича услубий ишларни ташкил қилиш ва мувофиқлаштириш, илмий-тадқиқотлар натижалари ва илмий-техника ютуқларини давлат ва идоравий архивлар  амалиётида жорий этиб бориш;

давлат архивлари  устидан оқилона раҳбарлик қилиш, уларнинг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш;

архив иши соҳасидаги мамлакатимиз ва чет эл илғор тажрибасиниўрганиб, архивлар амалиётида қўллаш.

6.Бошқарма ўзига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

вилоятда архив иши ва иш юритишнинг миллий дастурлари ҳамда концепцияларининг амалга оширилишини ташкил қилади;

давлат архивларида сақланаётган Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фондини ҳужжатлар билан тўлдириш, сақлаш ва улардан фойдаланиш масалалари бўйича вилоят ҳокимининг қарор ва фармойишлари лойиҳаларини ишлаб чиқади ҳамда  белгиланган тартибда вилоят ҳокимлигига киритади, уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;

давлат архивларида Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди  ҳужжатларини жамлаш, рўйхатга олиш, сақловини таъминлаш, улардан фойдаланишни ташкил қилади, ўз ҳудудида архив иши соҳасида қонунчиликка риоя қилинишини назорат қилиб боради;

Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди тўғрисидаги Низомга мувофиқ давлат ва идоравий архивларда сақланаётган Миллий архив фонди ҳужжатлари ҳисобини бошқарма фонд  каталогида олиб боради ҳамда улар тўғрисидаги  маълумотларни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлигига тақдим этади;

вилоятда архив ишининг  ривожлантиришни жорий ва истиқболли режаларини ишлаб чиқади, уларнинг бажарилишини  таъминлайди;

белгиланган тартибда  давлат архивлари тармоқлари ва тузилмаларини  такомиллаштириш бўйича ишларни ташкил қилади ва олиб боради;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги билан келишган ҳолда  давлат архивларини  ташкил қилиш ёки тугатиш юзасидан вилоят ҳокимлигига таклиф киритади;

давлат архивларининг услубий ишларини ташкил қилади, архившунослик, ҳужжатшунослик ва археография масаласидаги илмий-тадқиқот натижаларни ҳамда илмий-техника ютуқларни архив ишига жорий қилиш бўйича тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

давлат архивларидаги ҳужжатларни илмий ёки амалий қимматдорлигини экспертиза қилишни ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фондига тегишли бўлган ахборот ресурсларини  сақлашни таъминлайдиган электрон  архивларни ташкил этиш ва уларни фаолият кўрсатишини тартибга солишни  мувофиқлаштиради;

ҳужжатларнинг, шу жумладан давлат ахборот ресурсларининг илмий ва амалий қимматини экспертизадан ўтказишни ҳамда уларни доимий сақлаш учун давлат архивларига шу жумладан электрон архивларга танлаб олишни ташкил қилади;

вилоят корхоналари, муассасалари, ташкилотлари ва фуқароларининг қадимги тарихий-ҳужжатли ёдгорликларни тўплаш бўйича  мурожаатларини кўриб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлигига тақдим этади, уларни махсус  рухсатномалар рўйхати бўйича  тўплашни назорат қилиб боради;

белгиланган тартибда  давлат архивларида сақланаётган Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатлари таркиби ва мазмуни тўғрисидаги ахборотли-маълумот адабиётларини чоп этишни ташкил этади;

вилоятда ҳужжатларни Миллий архив фонди таркибига киритилиши зарур бўлган давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари тоифасини белгилайди ҳамда  архив иши бўйича монторинг ташкил этиш ва (қонуний ва меъёрий ҳужжатларга риоя этилиши)  уларнинг бажарилиши устидан таъсирчан назоратни таъминлайди;

вилоят,  республика ва чет эл  архивларининг илғор иш тажрибаларини ўрганади ва оммалаштиради, архив иши ва иш юритиш бўйича йиғилишлар ва семинарлар уюштиради;

қонунда белгиланган тартибда давлат архивлари   томонидан пуллик  хизмат кўрсатишни ташкил этади ва хизмат турлари спекторини ривожлантириш чораларини ишлаб чиқади;

ҳудудда архив иши ва иш юритишни ривожлантиришга қаратилган грантлар, чет эл лойиҳалари жумладан, хорижий инвестицияларни  тақсимлаш ва жалб қилишни таъминлайди;

давлат архивлари  фаолиятига оқилона раҳбарлик қилишни амалга оширади;

давлатга қарашли бўлмаган Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларини сотиб олишда давлатнинг имтиёзли ҳуқуқидан фойдаланиб, ўзига бўйсунувчи давлат архивларига кўмаклашади;

вилоят бюджет лойиҳасига ўзига бўйсунувчи давлат архивларининг таъминоти ва хизмат  харажатлари тўғрисида таклифлар ишлаб чиқади, уларнинг молиялаштирилишини ва сарфланишини назорат қилиб боради;

давлат архивлари ҳамда корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг иш юритиш хизмати ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил қилади;

архив иши ва иш юритиш бўйича  кадрларни тайёрлаш мақсадида олий,  ўрта-махсус ва умумтаълим ўқув юртлари билан ҳамкорлик қилади;

Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фондининг ахборот ресурслари ва электрон ҳужжатлари ҳимоя қилиниши таъминланишини ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фондидаги алоҳида қимматли ва ноёб ҳужжатларнинг суғурта нусхалари  яратилишини ташкил  қилади;

фуқароларнинг таклифлари, аризалари ва шикоятларининг ўз вақтида кўриб чиқилишини ташкил қилади, консуллик сўровлари бажарилишини таъминлайди.

Бошқарма шунингдек амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа функцияларни ҳам бажаради.

 

III. Бошқарманинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги

7.Бошқарма қуйидаги ҳуқуқларга эга:

вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларига архив ишини янада яхшилаш ва иш юритиш ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш;

вилоят давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидан, идоравий бўйсунишидан ва мулкчилик шаклларидан қатъий назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда идоралараро шахсий таркиб ҳужжатлари архивларидан архив иши ва иш юритиш ҳужжатларини ташкил қилиш,         шунингдек бошқарма ваколатига тегишли бошқа зарур маълумотларни сўраб олиш;

давлат ҳокимияти органларидан тугатилаётган корхоналар тўғрисида ахборот олиш;

Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларини доимий сақловчи  давлат архивларидан, корхоналар, муассасалар, ташкилотлардан, кутубхона ва музейларнинг  қўлёзмалар бўлимларидан, шунингдек фуқаролардан фондлар каталоги учун тегишли маълумотлар олиш;

вилоятдаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан, мулкчилик шаклларидан қатъий назар, шунингдек идоралараро шахсий таркиб ҳужжатлари архивларидан идоравий архивлар ва иш юритиш ҳужжатларини ташкил қилиш бўйича маълумотлар олиш;

корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва идоралараро шахсий таркиб ҳужжатлари архивлари вакилларининг архив иши ва иш юритиш  ҳужжатларини ташкил қилиш бўйича ҳисоботларини эшитиш, аниқланган  камчиликларни тугатиш бўйича ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан архив иши ва иш юритиш ҳужжатларини ташкил қилиш бўйича ишлаб чиқилган низомлар, йўриқномалар, қоидалар, йиғмажилдлар номенклатуралари, ўқув дастурлари ва бошқа меъёрий ҳужжатларни келишиб бериш;

вилоятнинг мансабдор шахсларини корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва идораларда сақланаётган Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларининг  ўғирланиши, яроқсиз ҳолга келтирилиши, яширилиши ёки ноқонуний йўқ қилинишига олиб келган шароитлар яратганлиги  ҳолатлари бўйича қатъий чора кўриш учун вилоят тергов органларига хабар қилиш;

архив иши ва иш юритиш ҳужжатларини ташкил қилиш масалаларини кўриб чиқиш учун доимий ва вақтинчалик идоралараро комиссиялар ва кенгашлар тузиш.

Шунингдек, вилоят бошқармаси ўзига юклатилган вазифалардан келиб чиқадиган ваколатлари доирасидаги бошқа ҳуқуқларга ҳам эгадир.

Бошқарманинг масъул ходимлари ўз хизмат бурчларини  бажарилиши учун мулкчилик шаклларидан қатъий назар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг архивлари ҳамда иш юритиш хизматларига  белгиланган тартибда кириш ҳуқуқига эгадирлар.

Бошқарма вилоят ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларини жамлаш, шакллантириш, давлат ҳисобини олиб бориш, сақловини таъминлаш ва улардан фойдаланиш ҳамда  давлат архивлари фаолиятини ташкил этишга жавобгардир.

 

  1. IV. Бошқарма фаолиятини ташкил этиш

8.Ўзбекистон  Республикаси  Вазирлар  Маҳкамасининг   2004 йил 3 февралдаги 49-сонли қарорининг 6-бандига асосан бошқармага вилоят ҳокими билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги Бош директори томонидан лавозимга тайинланадиган ва ундан озод этиладиган бошлиқ раҳбарлик қилади.

Бошқарма бошлиғи:

вилоят архив иши худудий  бошқармасига юклатилган вазифалар ва функцияларни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлигининг низомлари, йўриқномалари, қоидалари, буйруқлари ва кўрсатмаларини бажарилиши учун шахсан жавоб беради ҳамда бошқарма масъул ходимларининг, шунингдек  давлат архивлари  директорларининг фаолиятига раҳбарлик қилиш  жавобгарлиги даражасини белгилайди;

вилоят  ҳокимининг қарорлари ва фармойишлари асосида ва уларни бажариш мақсадида ўз тасарруфидаги ташкилотларга тегишли буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

давлат архивлари ва шахсий таркиб ҳужжатлари архивлари директорларини тегишли туман, шаҳар ҳокимлари билан келишган ҳолда ва бошқарма девони ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва ундан озод этади;

бошқарма девонининг меҳнатга ҳақ тўлаш фонди, штатлар жадвали ҳамда бошқарма девони ва  давлат архивларини таъминлаш  харажатлари сметасини тасдиқлайди;

вилоят молия бошқармаси билан келишилган ҳолда ходимларни моддий  рағбатлантириш ва иш ҳақи тизими ҳамда миқдорини белгилайди.

9.Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 26 августдаги 194-сонли қарорининг 4-иловасига асосан вилоят бошқармаси ходимларининг умумий сони ва тузилмаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан  тасдиқланади.

10.Бошқармада   таркиби 5 кишидан   иборат,   бошқарма  бошлиғи раислигида ва бошқарма тизимининг бошқа раҳбар ходимлар кирадиганКенгаш ташкил қилинади. Кенгаш тўғрисидаги Низом ва аъзоларнинг шахсий таркиби бошқарма бошлиғи томонидан тасдиқланади.

Кенгаш ўз  мажлисларида вилоятда архив ишини ривожлантириш, жорий ва истиқбол режаларини  бажарилиши, меъёрий ҳужжатлар ва услубий қўлланмалар лойиҳаларини, идоралараро муносабатларни ривожлантириш ҳамда давлат, идоравий архивлар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг архив иши, иш юритиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади, тегишли қарорлар қабул қилади.

11.Бошқарма ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди таркибини белгилаш, давлат ва идоравий  архивларда сақланаётган ҳужжатларнинг қимматдорлигини аниқлаш ва корхоналар, муассасалар, ташкилотларда иш юритиш ҳужжатларини ташкил қилиш масалаларини кўриб чиқиш учун эксперт-текширув комиссия (ЭТК)си фаолият кўрсатади. Унинг шахсий таркиби ва низоми бошқарма бошлиғи томонидан тасдиқланади.

  1. Бошқарма алоҳида харажатлар сметасига эга бўлиб, давлат архивларҳисобга олинган ҳолда вилоят бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади (вилоят молия бошқармаси билан келишилган ҳолдадавлат архивлари тегишли туман, шаҳар ҳокимликлари молия бўлимлари томонидан молиялаштирилиши мумкин).

13.Бошқарма юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси давлат герби тасвири туширилган ҳамда ўз номи ёзилган муҳрга, банк муассасаларида ҳисоб-китоб ва бошқа ҳисоб рақамларига эга бўлади.

14.Бошқармани қайта ташкил қилиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


Охирги ўзгариш вақти: 04/08/2020 21:51;   Кўрилганлиги: 4089
 
Материал манзили: https://samarchive.uz/about/samarqand-viloyat-arxiv-ishi-hududiy-boshqarmasi-togrisida-nizom
Чоп этилган вақт: 21/12/2024 19:24